четверг, 7 ноября 2013 г.


АФҒОНИСТОНДАГИ ГЕОСИЁСИЙ ВАЗИЯТ ВА УНГА ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУНОСАБАТИ

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И.А. Каримов БМТ, ЕҲҲТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, НАТО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг минбарларидан сўзлаган нутқларида минтақавий ва миллий кўламдаги ҳалқаро терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини бир неча бор таъкидлаган эди. 2008 йил апрель ойида Бухарестда ўтказилган НАТО саммитида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов тамонидан илгари сурилган ташаббуслар ўта муҳимлиги билан ажралиб туради.
 Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош давлатлардан бири сифатида ушбу давлатнинг кўп йиллик можародан олиб чиқиш ва келгуси иқтисодий ўсишини таъминлаш борасида муайян таклифларга эга. Шу сабабдан Ўзбекистон Президентининг кенг қамровли ва ҳаётий “6+3” ташаббуси янада кенг ҳаракатлар учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу эса бундан кейин Афғонистондаги геосиёсий вазиятни яхшиланиши учун хизмат қилади. Шу ўринда бир савол туғилади. Нега Ўзбекистон бунчалик Афғонистон учун жон куйдириб келмоқда? Бунга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ҳалқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақол бор. Биринчидан, Афғонистонда 3 миллиондан ортиқ ўзбеклар истиқомат қилишади. Иккинчидан, бирон-бир давлатнинг ривожланиши албатта унга қўшни давлатлар билан ҳам боғлиқдир. Афғонистонда вазият яхши бўлмас экан, Ўзбекистон ҳеч қачон хотиржам бўла олмайди.

Шу ўринда айтиш лозимки, Афғонистонда ҳозир Толибонлардан кўра “Ал-Қоида” ташкилотининг фаолияти хавфлироқ. Масалан, НАТО халқаро ҳамжамиятга Афғонистондаги толибон жангарилари қаршилиги камайганлигини маълум қилди. АҚШ, Афғонистон ва НАТОнинг 15 минг аскари иштирок этаётган “Муштарак” деб номланган ҳарбий амалиёт давом этмоқда. Унинг асосий мақсади Толибон харакатининг бош қароргоҳи ҳисобланаган Маржоҳ шаҳрини Афғонистон ҳукумат назоратига олишдан иборат. Бу Толибон харакати 2001 йилда хокимиятдан ағдарилганидан бери Афғонистонда ўтказилган энг йирик ҳарбий амалиётдир. 
Афғонистон масаласи бўйича 2010 йил 28 январда Лондонда 70 га яқин давлат вакиллари иштирок этган йирик халқаро анжумандан кейин Президент Ҳамид Карзай Афғонистон бўйича янги ишлаб чиқилган тинчлик дастурида янги иш жойларини яратиш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда ўз қуролларини топшириб, жамиятга қўшилиш истагини билдирган Толибларга касб-ҳунар ўрганиши учун уларни тайёргарликдан ўтказишни маълум қилган. Бу лойиҳани амалга ошириш учун ҳукумат жорий йилда 140 миллион доллар ажратишни маълум қилган. АҚШнинг Афғонистонга оид стратегиясида 2011 йилнинг июль ойидан бошлаб, мамлакатда хавфсизликни таъминлаш масъулияти маҳаллий кучларга топширилиб, АҚШ қўшини олиб чиқиб кетилиши мўлжалланган. Ҳозирги пайтда Афғонистон Мудофаа вазирлиги афғон миллий армияси сафини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Мудофаа вазирлиги миллий армия сафига аёлларни ҳам олишни режалаштирган. Ва икки йилдан сунг миллий армиянинг шахсий таркиби 171 минг кишига етади.
Тинимсиз фуқаролар уруши давом этиб келганлиги учун мамлакатда иқтисодий аҳвол ниҳоятда оғир. Бу ҳол Афғонистоннинг демографик вазиятида ҳам яққол кўзга ташланади. 2008 йил маълумотларига кўра, мамлакатда туғилиш (ҳар 1000 аҳолига нисбатан 39 киши) билан бир қаторда ўлим (18 киши) кўрсаткичи юқори. 65 ёшдан юқори бўлган кексалар жами аҳолининг 2 фоизини ташкил этади (дунё бўйича у ўртача 8 фоиз). Мамлакатнинг болалар ўлими бўйича дунёда биринчи ўринда туриши (ҳар 1000 та янги туғилган чақалоқдан 155 таси вафот этган) айниқса қайғули ҳолдир. Бу кўрсаткичлар мамлакатдаги иқтисодий аҳволнинг ўта оғирлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Хўш, Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни яхшилаш бўйича қандай ишларни амалга оширмоқда? Шу ўринда Афғонистондаги геосиёсий вазиятни янгича ҳал этиш тўғрисида дунёнинг энг йирик ахбoрот агентлигига кирувчи “United Press International” (UPI) халқаро ахборот агентлиги “Четдан назар: Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича таклифи аҳамиятли ва долзарбдир – Афғонистон: нега “6+3”=?” сарлавҳали мақоласини чоп этди. Мақола муаллифи, таниқли ҳалқаро журналист, Жон Хопкинс Университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти тадқиқотчиси Жон Дейли Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовни “6+3” мулоқот гуруҳининг ташаббуси билан Афғонистон муаммосини ҳарбий ҳаракатларсиз бартараф этиш мумкин, деган фикрларини юқори баҳолаган. Президент И.А. Каримов “6+3” мулоқот гуруҳи аъзолари тамонидан Афғонистон бўйича ягона узоқ муддатли стратегияни шакллантириш ва ҳалқаро ҳамжамият кўмагида миллий муросага эришишнинг янги моделини ишлаб чиқиш мумкинлигини таъкидланган. “6+3” мулоқот гуруҳига Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Покистон, Хитой, Эрон, шунингдек, АҚШ ва Россия ҳамда Афғонистонда аксилтеррор харакатларини амалга ошираётган НАТО ташкилотидан иборатдир.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон қўшни мамлакат иқтисодиётини тиклаш учун Афғонистонга кенг миқёсли ёрдам кўрсатмоқда. Охирги йилларда темир йўлларни қуриш, электр энергияси билан таъминлаш, қазилма ишларини, қишлоқ хўжалигини, ирригация, таълим ва мутахассислар алмашинувини ривожлантириш ҳамда қурилиш асбоб-ускуналари, металл, ўғитлар, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш каби соҳаларда жуда кўплаб икки томонлама ҳамкорлик алоқалари амалга оширилди. Осиё Тараққиёти банки кўмагида Ўзбекистон Афғонистоннинг шимолий вилоятларини бошқа давлатлар билан боғлаб турган ягона “Термиз-Ҳайратон” темир йўли тармоғини модернизация қилишда ёрдам бермоқда ва “Термиз – Мозари-Шариф” темир йўл қурилишини амалга оширмоқда. Ўзбекистоннинг транзит соҳасидаги кўрсатган яна бир ёрдами бу жорий йилнинг февраль ойида фойдаланишга топширилган НАТОнинг Шимолий Тақсимловчи Тармоғи таркибидаги сўнгги темир йўл тармоғини жойлаштиришдир.
Бугунги кунда Афғонистонда нисбатан тинч бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Тинчликни умуман барҳам топтириш учун Халқаро ҳамжамият бу борада Афғонистонга зарур ёрдамни бераётир. Тўғри, 20 йиллик фуқаролар урушидан сўнг Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш, мустаҳкамлаш, сиёсий барқарорликни қарор топтириш иши осон кечмайди.

АЗАМАТ ЖУРАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий